Россия 9 май арафасида сулҳ эълон қилди, Зеленский “сукут режими” билан жавоб берди
Россия байрам тадбирларига таҳдид юзага келган тақдирда Киевга ракета зарбаси берилишини билдирди.

Россия Мудофаа вазирлиги 9 май — Ғалаба куни муносабати билан 8–9-май кунлари амал қиладиган бир томонлама сулҳ эълон қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълум қилинишича, баёнотда ушбу қарор президент Владимир Путин топшириғи асосида қабул қилингани қайд этилиб, Украина томони ҳам бу ташаббусга қўшилиши кутилаётгани билдирилди.
Орадан кўп ўтмай, Украина президенти Владимир Зеленский фронт чизиғида 5 майдан 6 майга ўтар кечаси соат 00:00 дан бошлаб “сукут режими” жорий этилишини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Украина томони “кўзгу тамойили” асосида ҳаракат қилади. Яъни Украина Россиянинг ҳаракатларига мос жавоб қайтаради.
Зеленский, шунингдек, Россия томонидан ўт очишни тўхтатиш шартлари юзасидан расмий мурожаат бўлмаганини билдириб, инсон ҳаёти ҳар қандай байрамдан устун эканини таъкидлади.
Украина етакчиси вақт минтақасини аниқ кўрсатмаган бўлса-да, 5 май ҳолатига кўра Москва ва Киев вақти бир хил бўлиб, эълон қилинган муддат мос келади.
Россия Мудофаа вазирлиги ўз баёнотида Зеленскийнинг Ереванда бўлиб ўтган Европа сиёсий ҳамжамияти саммитидаги чиқишларини эслатиб, уларни “9 май куни Москвага зарба бериш таҳдиди” сифатида талқин қилган. Шу билан бирга, вазирлик агар “байрамни бузишга қаратилган уринишлар” бўлса, Киев марказига “массив ракета зарбаси” берилиши мумкинлигини ҳам маълум қилган.
Зеленский бу баёнотга билвосита жавоб бериб, Россия раҳбариятини урушни якунлаш учун реал қадамлар қўйишга чақирди. У, шунингдек, Россия 9 май парадини ҳарбий техникасиз ўтказишни режалаштираётганига муносабат билдириб, буни хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар билан изоҳлади.
Расмий маълумотларга кўра, жорий йилда Москвадаги Қизил майдонда ўтказиладиган парад 2022 йилда Украинадаги уруш бошланганидан буён илк бор ҳарбий техникасиз ўтказилади. Бироқ пиёда ҳарбийлар ва учувчи авиагуруҳлар иштироки сақланиб қолади. Кремль буни “терроризм таҳдиди” ҳамда сана юбилей эмаслиги билан изоҳлаган.
29 апрель куни Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Доналд Трамп ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтган эди. Трамп 9 май муносабати билан қисқа муддатли сулҳ эълон қилишни таклиф қилганини билдирган бўлса, Кремль Путин байрам куни учун бир кунлик сулҳ ташаббусини илгари сурганини маълум қилган.
Украина томони эса бундай ташаббусларни танқид қилиб келмоқда. Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Россия таклифларини “PR акцияси” ва Ғарбга қаратилган сиёсий сигнал сифатида баҳолаб, Киев камида 30 кунлик тўлиқ ва шартсиз сулҳ тарафдори эканини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, томонлар аввал ҳам байрамлар муносабати билан сулҳ эълон қилган. Масалан, 2026 йил апрель ойида православ Пасха байрами вақтида қисқа муддатли ўт очишни тўхтатиш жорий этилган, бироқ кейинчалик ҳар икки томон уни бузишда бир-бирини айблаган.
Ўтган йили ҳам 9 май муносабати билан 72 соатлик сулҳ эълон қилинган, аммо Украина бу таклифни расман қабул қилмаган.








