Бухорода ногиронлик нафақасини расмийлаштириб беришни ваъда қилган фирибгар ушланди
Бухоро вилояти Шофиркон тумани Ички ишлар бўлими маълумотига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

Мазкур туманнинг “Вардонзе” маҳалласида яшовчи, 1966 йилда туғилган О.Қ. исмли шахс таниши Х.Г. исмли аёлнинг ишончига киради. Унга маълум пора эвазига тиббий экспертиза комиссиясида ишловчи танишлари орқали ногиронлик нафақаси расмийлаштириб беришни ваъда қилади.
Фуқаро О.Қ. Шофиркон шоҳ кўчасида кимёвий ишлов берилган 6 миллион 402 минг сўм пулни фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан фуқаро О.Қ.га нисбатан ЖК.нинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал фуқароларни Корея Республикасига ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар қўлга тушгани ҳамда захирадаги ер майдонини сотмоқчи бўлган фирибгар ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Навоийда 2000 доллар эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган ўқитувчи ушланганди.
Чўлпоной Аҳмедова







