Фарзандларидан қарздор ота унутган бурчини суд залида англаб етди
Шовотлик ота 15 сутка қамалишини билиб, 49 миллионга яқин пулни суд жараёнида тўлаб берди.

МИБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпўлатовнинг Zamon.uz'га хабар қилишича, фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг 2014 йил 10 апрелдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор Ж.У.дан ундирувчи С.Ининг фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандларининг таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Қайд этилишича, мазкур ижро ҳужжати юзасидан қарздор Ж.У. 2017 йил июль ойига қадар алимент пулларини тўлаб келган. Бироқ, кейинчалик қарздор алимент тўламагани маълум бўлди. Шу сабабли қарздорни яшаш манзилидан топиш имкони бўлмаганлиги учун унга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Қарздор 4 йил 3 ой ўтиб уйга қайтганлиги ҳақидаги хабар Бюронинг Шовот туман бўлимига етиб боргач, 2017 йил 1 августдан 2021 йил октябрь ойига қадар ҳисобланган 48 миллион 835 минг 342 сўм алимент қарздорлигини ундириш учун бўлимга таклиф этилди.
Таъкидланишича, қарздорга алимент пулларини тўламаслик қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши тушунтирилди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК нинг 47-4-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштириб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйичв Шовот туман судига юборилган.
Маълум қилинишича, судда ишни кўриб чиқиш пайтида 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиши мумкинлигини тушунган қарздор тўланиши лозим бўлган 48 миллион 835 минг 342 алимент пулини ундирувчига тўлаб берди.
Суд маъмурий ишни Ўзбекистон МЖтКнинг 271-моддаси 10-бандига асосан тугатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада 40 миллион сўм алимент пули олдиндан тўлаб берилгани, Ромитанда 118,3 миллион сўм алимент маблағлари ундириб берилгани, Самарқандда қарздор ота фарзандларига 260 миллион сўм ҳамда салкам 370 миллион сўм алимент тўлаб бергани ҳақида хабар берилганди.







