"Lаda 11184" ҳайдовчиси велосипеддаги фуқарони уриб юборди. Жабрланувчи ҳалок бўлди
Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида ўлим билан тугаган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар қилди.


Маълум қилинишича, шу йилнинг 5 октябрь куни соат тахминан 21:00 ларда Яшнобод тумани, "Жарқўрғон" кўчасида 1998 йилда туғилган А.Ж. "Lada 11184" русумли автомобилни ишончнома асосида бошқариш давомида транспорт воситалари учун кутилмаганда чапга бурилган велосипеддаги фуқарони уриб юборган.
Тўқнашув оқибатида велосипедни бошқариб кетаётган, 1985 йилда туғилган фуқаро Р.С. бадан шикастлари туфайли вафот этган.
Қайд этилишича, мазкур факт бўйича Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Қамчиқ довонида 4 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлгани, Сирдарёда ҳайдовчининг ухлаб қолиши оқибатида йўловчи ҳалок бўлгани, Бўстонлиқда 150 метр баландликдан "Spark" жарликка тушиб кетгани ҳамда Тошкент вилоятида юк автомобиллар тўқнашиб кетгани ҳақида хабар берилганди.







