Тошкентнинг айрим ҳудудлари иссиқ сув таъминотидан узиб қўйилди
Айни пайтда иссиқлик марказида юзага келган носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.


Бугун, 12 ноябрь куни пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 4-иссиқлик марказининг электр энергияси таъминотида носозлик рўй берди. Бу ҳақда "Тошиссиққуввати" хабар берди.
Шу сабабли мазкур қозонхонадан иссиқ сув ва иссиқлик узатиш вақтинча тўхтатилган. Бунинг оқибатида Юнусобод туманида тўлиқ, Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида эса қисман иссиқ сув ва иссиқлик таъминотида узилиш кузатилмоқда.
Маълумот учун: мутасаддилар соат 17:00 гача иссиқ сув ва кечки 24:00 га қадар иссиқлик таъминоти тўлиқ тикланишини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида ичимлик суви билан боғлиқ узилишлар кузатилиши, пойтахтда ичимлик суви вақтинча тўхтатилгани, қатор мавзеларида иссиқ сув таъминоти вақтинча ўчирилиши ҳамда вақтинча сувсиз қоладиган ҳудудлар сони ошгани ҳақида хабар берилганди.







