Автомобиль эшикларини очиқ қолдирманг
Тошкентда "Spark" ичидан қиммат уяли телефон ва 350 минг сўм пул ўғирланди.

Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизматининг хабар беришича, Шайхонтоҳур тумани ички ишлар органларига 30 ёшли Д.С. ариза билан мурожаат қилган. Қайд этилишича, унинг "Spark" русумли автомобили ичидан 6 миллион 500 минг сўмлик мобил телефони ва 350 минг сўм пули ўғирлангани ҳақида маълум қилган.
Жабрланувчининг сўзларига кўра, у автомобиль эшикларини шошиб очиқ қолдирган. Таъкидланишича, жиноят қидирув хизмати ходимлари томонидан кўрилган чоралар давомида гумонланувчи 22 ёшли А.Д. экани аниқланди.
Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси ("Ўғрилик") бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов давом этмоқда.
"Ҳурматли фуқаролар! Автомобилларингиз эшикларини очиқ ҳолда қолдирманг ва қимматбаҳо буюмларингизни салонда қаровсиз ташлаб кетманг!", — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Учтепа туманида куппа-кундузи ўғирлик содир этилгани, сохта харидор кассадаги пулларни ўмариб кетгани, Тошкентда банкоматни бузиб, ичидан 165 миллион сўм ўғирлаган шахс ушлангани ҳамда Тошкентда шиналар ўрнига ғишт қўйиб кетаётган ўғирилар қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди.







