Қашқадарёда вояга етмаган бола пиротехника воситаларини сотишга уринди
Унинг ёнидан қоғоз қутиларда 91 дона пиротехника воситалари топилган.


Янги йил байрами яқинлашгани сари айрим уддабурон “тадбиркорлар” томонидан пиротехника воситаларини ноқонуний равишда сақлаш, ташиш ва сотиш билан боғлиқ ҳолатлар кўпаймоқда. Энг ачинарлиси, ушбу ҳаракатларни вояга етмаган фуқаролар томонидан амалга оширилишини эшитиб, кўнглингиз ранжийди.
Хусусан, Қашқадарё вилояти Китоб тумани ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари туман марказий деҳқон бозорида тезкор профилактик тадбирларини ўтказди.
Маълум қилинишича, олиб борилган тезкор профилактик тадбирлари давомида Шаҳрисабз туманида туғилган Қ.Х.нинг ёнидан қоғоз қутиларда 91 дона пиротехника воситалари топилиб, ҳолислар гувоҳлигида ҳужжатлаштириб олинган.
Қайд этилишича, дастлабки суриштирув хулосаларига кўра, фуқаро ҳали вояга етмаганлиги ва у ушбу ҳуқуқбузарлик ашёларини қонунга хилоф равишда сотмоқчи эканлиги аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда пиротехника воситаларининг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилиши, Қашқадарёда 14 миллионлик пиротехника воситалари аниқлангани, Андижонда 63 миллионлик ноқонуний пиротехника воситалари тўхтатиб қолингани ҳамда 8800 дона пиротехника воситаларини ноқонуний равишда сотаётган шахс ушлангани ҳақида хабар берилганди.







