Тошкентда валюта қимматликларини ноқонуний сотмоқчи бўлган шахс ушланди
У 3 300 АҚШ долларини 35,3 миллион сўмга сотиб олган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабарига кўра, департаментнинг Мирзо Улуғбек туман бўлими ДХХ ва ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди.
Маълум қилинишича, валюта қимматликларини ноқонуний муомалага киритиш билан шуғулланиб келган фуқаро А. фуқаро Ж.дан 3 300 АҚШ долларини 35,3 миллион сўмга сотиб олган вақтида қўлга олинди. Унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида, 158 АҚШ доллари, 3 050 қирғиз соми, 195,5 миллион сўм ва 1 дона пул санаш аппарати борлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қонунни бузган валютафурушнинг “бозори” ўхшамагани, Тошкентда “валютафуруш” 5 минг долларга яқин пулни ноқонуний муомалага киритмоқчи бўлгани ҳамда Навоийда XIX асрга тегишли танга ва қоғоз купюраларни хорижга олиб чиқиб кетаётган шахслар аниқлани ҳақида хабар берилганди.







