Тошкентда “валютафуруш” 5 минг долларга яқин пулни ноқонуний муомалага киритмоқчи бўлди
У 51,8 миллион сўмга сотган вақтида ушланди.

Тошкент туманида валюта қимматликларининг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Департаментнинг Қибрай туман бўлими томонидан ДХХ ва вилоят ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Маълум қилинишича, фуқаро А.А. Тошкент тумани ҳудудида жойлашган кийим-кечак савдо бозори ҳудудида ноқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғулланиб келган. У ўзининг яшаш уйда фуқаро С.га жами 4 минг 800 АҚШ долларини 51,8 миллион сўмга сотган вақтида қўлга олинди.
Шунингдек, ўтказилган тадбир давомида 15 383 АҚШ доллари, 264 минг Қозоқ тенгеси, 89 минг Россия рубли ва 414,3 миллион сўм ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, қонунни бузган валютафурушнинг “бозори” ўхшамаганди.
Аввалроқ Наманганда сохта доллар билан икки фуқаро қўлга олингани, давлат харидларига оид қонунбузилиш ҳолатлари аниқлангани ҳамда Навоийда XIX асрга тегишли танга ва қоғоз купюраларни хорижга олиб чиқиб кетаётган шахслар аниқлани ҳақида хабар берилганди.







