Хусусий корхонадан фуқаро фойдасига 2 миллиард 700 миллион сўм ундириб берилди
Ҳозирда мазкур ижро иши тамомланган.

МИБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпўлатовнинг Zamon.uz'га маълум қилишича, бюронинг Учтепа туман бўлими иш юритувидаги Тошкент шаҳар суди ФИБ судлов ҳайъатининг 11 июндаги ижро варақасига асосан қарздор корхонадан фуқаро С.Акрамова фойдасига 2 миллиард 786 миллион 381 минг 423 сўм ундириш белгиланган.
Қайд этилишича, ижро ҳужжати 15 июнда бўлим давлат ижрочиси Т.Трофимов иш юритувига келиб тушган. Ижро ҳаракатлари давомида 19 июлда давлат ижрочиси томонидан қарздордан ундирувчи фуқаро фойдасига тўланиши лозим бўлган 2 миллиард 786 миллион 381 минг 423 сўм пул маблағи тўлиқ ундириб берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада 40 миллион сўм алимент пули олдиндан тўлаб берилгани, қарздор ота алимент тўлови ўрнига фарзандларига уй бергани, Жиззахда МИБ аралашуви билан яна бир оила яраштирилгани, Самарқандда қарздор ота фарзандларига 260 миллион сўм ҳамда салкам 370 миллион сўм алимент тўлаб бергани ҳақида хабар берилганди.







