Урганчлик ота беш йиллик алимент пулини бирданига тўлаб берди
Қарздорга нисбатан қўлланилган чеклов ва тақиқлар тўлиқ бекор қилинган.

Хоразм вилояти Урганч туманида яшовчи фуқаро Ш.У. фарзандлари таъминоти учун 69,2 миллион сўм маблағни тўлаб берди. Бу ҳақда Zamon.uz'га МИБ ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов маълум қилди.
Хабарда айтилишича, фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 20 февраль 2019 йилдаги ижро ҳужжатига асосан, Ш.У. Қ.Ш.нинг фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Қарздор отага Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрь кунидаги 808-сонли қарори билан тасдиқланган “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида Низом” талаблари тушунтирилди.
Шундан сўнг қонун мазмун-моҳиятини тушуниб етган ота ижро ҳужжати бўйича алимент ундирувчига 2021 йил ноябрь ойидан 2026 йил октябрь ойигача бўлган 5 йиллик 69,2 миллион сўм алимент пулларини қоплаб берди.
Ундирувчининг аризасига асосан, ижро ҳужжати бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари тўхтатилиб, ижро ҳужжати тамомлаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, фарзандларидан қарздор ота унутган бурчини суд залида англаб етганди.
Аввалроқ ота фарзанди учун салкам 370 миллион сўм алимент тўлагани, қарздор ота алимент тўлови ўрнига фарзандларига уй бергани, алимент тўламаган 11 нафар ота қамоққа олингани, Жалақудуқда эрдан хотини фойдасига 75,5 миллион сўм ундириб берилгани ҳамда қўқонлик ота икки фарзанди учун алимент ўрнига хонадон ва "Nexia" автомашинасини бергани ҳақида хабар берилганди.







